Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Ўзбекистон Республикаси давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида “Қашқадарёда тиббий суғурта ва реимбурсация тизими: Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш сари қадам” мавзуси доирасида матбуот анжумани ва амалий ўқув-семинари ташкил этилди.

Унда вилоятдаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда  Давлат тиббий суғурта жамғармаси ахборот хизмати раҳбари Сайёра Шоева давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, бунда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тушунча берди.

– Давлат тиббий суғуртаси – бу аҳолини кафолатланган бепул тиббий хизматлар билан таъминлашга қаратилган давлат дастуридир, – деди Сайёра Шоева. – Ушбу тизим асосида фуқароларга “Кафолатланган пакет ҳажм” доирасида шошилинч ёрдам, терапевт ва бошқа мутахассислар қабуллари, текширувлар, жарроҳлик амалиётлари, дори-дармон билан таъминлаш ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади. Яъни бунда давлат ҳар бир инсоннинг соғлиғини кафолатли ҳимоя қилади ва тиббиёт тизимини молиялаштиради.

Тадбирда “Реимбурсация” дастури ҳақида ҳам маълумот берилди. Реимбурсация – инглизча сўз бўлиб, “харажатларни қоплаш” маъносини англатади – бу аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ҳисобланиб, алоҳида сурункали касалликларни даволаш учун шифокор томонидан буюрилган дори воситалари харажатларини мақсадли компенсация қилишни назарда тутади.

– Бунда 7 хил касаллик учун беморларга 28 турдаги дори воситалари электрон рецепт орқали бепул берилади, – дейди Сайёра Шоева. – Масалан, сурункали касаллик билан оғриган беморга шифокор электрон рецепт ёзади ва жамғарма билан шартнома қилган дорихоналарга боришини айтади. Бемор шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан ўша дорихонага мурожаат қилади ва дори воситаларини бепул олади.

Реимбурсация дастури доирасида 2025 йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 242 бирламчи тиббий муассасасидаги 109 та дорихона шартнома асосида бириктирилиб, 47 мингдан ортиқ беморга 72 мингдан ортиқ рецепт ёзиб берилди. Қоплаб берилган маблағ эса 901миллион сўмдан ошди.

Тадбирда  иштирокчиларга бу тизимни кенг тарғиб қилиш, хусусан, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш борасида маҳалла, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олдилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА