Маълумки, 2021 йил 20 август куни давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида илк учрашув ўтказган эди.

Шундан буён Президентнинг ишбилармон доиралар вакиллари билан бундай очиқ мулоқот ўтказиши анъанага айланиб, ушбу сана мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.

Куни кеча пойтахтимиздаги Халқаро конгресc марказида бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқотда ҳам давлатимиз раҳбари азму шижоатли ва фидойи тадбиркорларнинг меҳнатини эътироф этиб, улар Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни обод этишга улкан ҳисса қўшаётган катта куч-қудрат эканлигини таъкидлади.

Сана муносабати билан соғлиқни сақлаш тизимида ишбилармонларга яратилган шароитлар, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар, шунингдек соҳадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш мақсадида бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигида тиббиёт йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди.

Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 200 нафардан ортиқ ишбилармонлар билан бирга, вазирлик марказий аппарати ходимлари, ихтисослаштирилган марказлар, республика даволаш муассасалари раҳбарлари, шунингдек жойлардаги студиялардан барча ҳудудий бошқармалар ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари иштирок этди.

Учрашув аввалида соғлиқни сақлаш масъуллари йиғилганларни байрам билан қутлаб, мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тиббиёт тизимида ҳам хусусий секторнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Хусусан, бугунги кунда юртимизда жами 8300 та нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолият юритмоқда. Хусусий секторда 17 минг нафардан ортиқ шифокор, 26 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими меҳнат қиляпти.

Юртимизда хусусий тиббиёт ташкилотларининг сони ҳар йили ўртача 600-700 тага ортиб бормоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида бундай шифохоналарнинг сони 1700 тадан, Андижонда 750 тадан, Самарақанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида эса 650 тадан ошди. Улар томонидан 200 тадан ортиқ ихтисосликлар бўйича 2250 турдан зиёд тиббий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш мақсадида давлат функцияларини мақбуллаштириш орқали давлат органлари ва ташкилотларининг функция ва вазифаларини тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида ва бошқа шаклларда тақдим этилиши ҳам ишбилармонларга кенг имкониятлар яратмоқда.

Жумладан, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида юртимизнинг турли ҳудудларида жами 57 та лойиҳа амалга ошириляпти.

Учрашувда тадбикорларнинг беморларга стационар ва амбулатор шароитда тиббий хизмат кўрсатиш, уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бундай шифо масканларига тиббий жиҳозларни етказиб бериш масалалари бўйича таклиф ва муаммолари тингланди.

Шунингдек, вазирлик масъуллари соғлиқни сақлаш тизимини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш мақсадида ишбилармонларни бир ёқадан бош чиқариб, ушбу иллатга қарши ҳамжиҳатликда курашишга чақирди.

Тадбир доирасида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ тадбикорлар “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.